1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Набий алайҳиссалломнинг воситачиликларини рад этган аёл

14:00 / 14.11.2023 1620 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бану Ҳилол уруғида чўри бўлган Барира исмли аёл бор эди. Хожаси уни Муғис деган занжи қулга никоҳлаб қўйган эди. Чўрида танлов ҳуқуқи бўлмаганлиги учун Барира ўзи ёқтирмаган киши билан турмуш қуришга мажбур бўлганди. 


Бир куни у хожаси билан мукотаба асосида озод бўлишга битим тузди. Битимга кўра, у хожасига тўққиз уқия ишлаб топиб бериши керак. Ҳар йили бир уқиядан. Уқия бу кумуш тангада бўлса, қирқ дирҳам, яъни тақрибан 200 грамм кумуш тангани англатади.


Аёл бу масалада ёрдам сўраб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳузурларига келади. Оиша онамиз мазкур пулни бир дафъада тўлаб, Барирани озод қилмоқчи бўладилар. Аммо, унинг хожалари Бариранинг валояти бизда қолади, дея шарт қўйдилар. 


Арабларда валоят, яъни мавлолик тушунчаси бор эди. Бир инсон ўз қулини озод қилса, мазкур озод қилинган қул унга умрбод дўстлик, ёрдамчилик ва иттифоқчилик руҳини сақлаб қоларди. Баъзи саҳоба ёки тобеинлар исмида «фалончининг мавлоси пистончи» деган сўзлар шундан. Мавло бу ўринда озод қилинган қул маъносида озод қилувчисига нисбатан дўстлик ва мададкорлик мақомидаги инсон маъносини англатади. Зотан, «мавло»нинг маъноси жуда кўп. Аммо, бу ўринда шу маъноси билан кифояланамиз. Хулласи калом, мавлолик ким озод қилса, ўшанга оид бўларди. 


Бу ҳолатда Бариранинг хожалари уни дефакто сота туриб, яна мавлолик ўзларида қолишини хоҳлаётган эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга оғиз очганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «валоят озод қилганники бўлади» дея масалага нуқта қўйдилар. 


Шу тариқа, Оиша онамиз Барира учун мукотаба пулини тўлаб, озод қилдилар ва Барира Оиша онамиз хонадонларида у зот ва Пайғамбаримизнинг хизматларида бўлди. 


Барира озод бўлгач, ўз ҳуқуқидан фойдаланиб эри билан бўлган никоҳини бекор қилди. Зеро, эрга берилган жория озод бўлгач, қул эри билан бўлган никоҳни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Барира ҳам ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, эри Муғис билан бўлган никоҳини фасх қилди. Чунки, чўрилик пайтида унга тегишга мажбур бўлганди гарчи, ёқтирмаса ҳам. Озод бўлиши билан биринчи қилган иши эридан ажрашиш бўлди. 


Аммо, Муғис уни ҳаддан зиёда яхши кўрарди. Ҳатто, Бариранинг кетидан зор-зор йиғлаб, ўзига қайтишини ялиниб юрарди. Муғис Барирани қанчалик яхши кўрса, Барира ундан шунчалик нафратланарди. Нафрат бу ҳаддан зиёда ёқтирмаслик маъносидадир. 


Ҳатто, бир куни Набий алайҳиссалом амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга: «Эй Аббос, Муғиснинг Барирани (қанчалар) севишию Бариранинг уни (шунчалар) ёмон кўришидан ажабланмайсизми?!», дедилар.


Муғис Барирани ўзига қайтариш учун роса ҳаракат қилди. Кўз ёшлари соқолларини ҳўл қиладиган даражада йиғлаб, унинг ортидан эргашиб, зор қақшаб ёлборди. Аммо, Барира унга қиё боқмади. Охири, Муғис Набий алайҳиссалом ҳузурларига бориб, Барирани қайтаришда шафоатчи бўлишларини сўради. Шундан сўнг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Барирага юзланиб: «Унга (Муғисга) қайтсанг яхши бўларди», дедилар. Шунда Барира «шуни буюрмоқдамисиз менга?», деб сўради. Набий алайҳиссалом эса «Йўқ, буюрмаяпман, шунчаки, шафелик қиляпман», дедилар. 


Агар бу Пайғамбаримизнинг қатъий буйруқлари бўлса, Барира ўзи истамаса ҳам итоат қилган бўларди. Шу боис ҳам «Сиз менга шуни амр қилмоқдамисиз?» деб сўраб олди. Набий алайҳиссалом амр эмас шунчаки, шафелик қилаётганликларини билдиргач, Барира «Унга эҳтиёжим йўқ!, яъни Муғис менга керакмас» дея Пайғамбаримизнинг илтимосларини узил-кесил рад этди.


Барира розияллоҳу анҳо ана шундай қатъиятли аёл эди. Набий алайҳиссалом «менинг шафелигимни қайтарди» дея уни ёмон кўриб қолмадилар. Чунки, унинг ҳаққи эди турмуш қуришда ўз хоҳишига кўра қарор қилиш.


Бу аёл фазилатли, зоҳида ва тақводор саҳобийя аёллардан эди. Олижаноб, сахий ва шижоатли эди. Ғазотларда яраланган саҳобаларга ёрдам берар, уларнинг ярасини боғлар, уларга сув ташир ва қутқарар эди. Шунингдек, у мудом Набий алайҳиссалом хонадонларида У зот ва Оиша онамиз хизматларида бўлди.


Ифк воқеасида Оиша онамизнинг айбсизликлари ҳақидаги оятлар нозил бўлишидан аввал Пайғамбаримиз ниҳоясиз ғамлар ичида қолганларида Барирадан Оиша борасида сени шубҳага туширадиган бирорта ножўя хатти-ҳаракат пайқаганмисан, деб сўрадилар. Шунда Барира «Сизни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам ичиб айтаманки, Оишадан фақат битта («ёмон») иш кўрганман. У ҳам бўлса, ёш қизлиги туфайли нон учун хамир қориб қўйиб, ухлаб қоларди. Кейин товуқ-хўрозлар келиб у хамирни еб қўярди. Ундан бошқа ёмон иш кўрмаганман», деди.


Ушбу воқеий қиссада жуда кўп ибратлар яширинган. Улардан бири, Набий алайҳиссалом даврларидаги фозил исломий жамиятда аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқлари гўзал суратда ҳимоя қилинганлиги ва шахсий танловига ҳурмат билан қаралиши эди. Воқеага унинг собиқ эри Муғис тарафдан боқсак, бу нарса янада ёрқинроқ намоён бўлади. Тасаввур қилинг, аёли озод бўлгач, эрини тарк этди. Узоқ муддат қўйнида хотини бўлган аёл бир онда унга бегона бўлиб қолди. Бу унча-мунча одамни гангитиб, довдиратиб қўядиган, ҳиссиётга берилиб, ғазаб отига минишига сабаб бўладиган иш эди. Бу эр учун ўта оғир синов эди. Аммо, Муғис ҳис-туйғуларига енгилиб, бирор ножўя ҳаракат содир қилиб қўймади. Аллоҳнинг қонунига тўла-тўкис бўйсунди. Шунча пайт хотини бўлган аёлга нисбатан зулм қилишга чоғланмади. Тек қўйди уни. Гарчи, маълум муддат ортидан йиғлаб, ялиниб юрса ҳам.


Шунингдек, қиссада чегарадан чиқмайдиган покиза севги динда бор нарса эканлиги ҳам англашилади. Ахир, Барира собиқ эридан ажрашгандан сўнг ҳам Муғис уни севишда давом этди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буни инкор қилмадилар.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
VIIРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг қуръаси чиқса, ўша аёлларини ўзлари давоми...

2927 15:00 / 19.02.2019
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ёш бўлишларига қарамай, жангларда ҳам фаол иштирок этганлар. У киши биринчи бор Уҳуд жангида қатнашганлар. Оиша онамиз розияллоҳу давоми...

3141 12:08 / 14.11.2018
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжаи мутоҳҳаралари ҳақида сўз юрита туриб, кундошлик ҳақида гапирмай давоми...

5409 14:03 / 19.12.2018
Агар аёлингизни урсангиз, сабаби нимаНамоз ўқимайдимиГап қайтарадимиАйтган ишингизни қилмайдимиСўроқсиз кўчага чиқадимиБолаларга яхши қарамайдимиТелефонда давоми...

2391 15:00 / 14.07.2021
Аудиолар

121370 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42875 14:35 / 11.08.2021